Friday, 13 June 2014

Маҳбубнинг мактуби (Жўнатилган)


Ўзимни ўлдириб, сенинг-ла қолдим,
Ўзимдан жилмайиб воз кечдим шодон.
Исминг кафтларига ўзимни солдим,
Лекин саҳро кўксим безатди ҳижрон...

“Дийдор боғидаги дийдордан сўнг менинг бахтиёрлигим даражасини қайси ўлчов ўз ичига олишга қодир экан? Сени кўрдиму, руҳим шу қадар енгил тортди. Хаёлимдаги барча қораликлар изсиз ювилиб кетгандек бўлди. Йўқ, ювилиб кетгандек эмас, мутлақо ювилиб кетди қораликлар.
Мен намозларимда нима сўрашимни билармидинг, қимматлигим? Мен ибодатларимда Аллоҳнинг муҳаббатини сўрардим. Қалбим доимо изтироблар оғушида юрарди. Одамлар... Эҳ, одамлар! Ўзлари ҳис этмаган туйғулар ҳақида сўзлашни бирам яхши кўрадиларки! Улар ўзганинг кўнгли билан ҳисоблашмайдилар. Мен ҳам шундай бир қаватда эдим. Лекин бундай қолиб кетишга менда мутлақо розилик йўқ эди. Ҳазрат Навоийни ўқишни севаман. “Хамса”ни ўқиб ҳайратланаман. Аллоҳга хаёлан дердим: Эй, оламларни яратган зот! Сен нега инсонни дўзахга солиб жазолайсан? Тақдир ҳам Сеники, гуноҳ ҳам Сеники, гуноҳ қилмоқ ҳам Сенинг иродангдандир! Энди кимни гуноҳкор, кимни савобдор демоқ қандай ҳол! Астағфируллоҳ! Шу ҳолатда Алишер Навоий “Хамса”син очсам шундай байт чиқди:

Ва гар ул лавҳ уза бўлса муҳаррар,
  Азал тақсимидин бўлди муқаррар.
  Не дерсен бас бу жамъи бенавоға,
  Гуноҳе қилмайин қолғон балоға?
Жунундин сўзга бир дам бўлмай огоҳ,
  Гар ортуқ сўз дедим, астағфируллоҳ.
Илоҳи, боқмағил мажнунлиғимға,
Карамдин чора қил маҳзунлиғимға.

Оҳ тортиб юбордим. Бошимни саждага қўйдим. Ичимдан Аллоҳ деган фарёд отилиб келарди. Мени кечир, дердим. Кўзларимдан оқаётган ёшларни киприкларим ушлаб қолишга қодир эмасдилар. Яна “Хамса”ни очдим:

Бу даргоҳда ҳар ким гуноҳкорроқ,
Иноят қилурға сазоворроқ!

Шу он ҳушимдан айрилдим. Ҳушимга келиб, таҳорат олиб, намоз адо этдим. Қўлимни дуога очдим: “Аллоҳим, Сен Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида ўз жамолингдан жилва намоён қилдинг. Мен пайғамбар эмасман, Сенинг ғарибдан ғариб қулингман. Менинг бор йўқлигим ўзим учун аҳамият касб этмайди, Меҳрибоним. Лекин Сен учун менинг борлигим – Сенинг меҳринг нишонаси эмасми, Аллоҳим? Қачон ўз муҳаббатингдан жилва намоён этасан, Оламларнинг Меҳрибон Роббиси?”
Шундай кунларда Сенга рўбарў келдим. Ақлу ҳушим энди ўзидан кетди. Ақлу ҳушим энди  ўзимдан кетди. Фақат Сен... фақат Сен!
Онгим хаёлларнинг жанг майдонига ўхшаб қолди. Аллоҳга бўлган итоатим ўрнини бандага бўлган муҳаббат эгаллаб кетди, деган акс-садолар бутун вужудим бўйлаб сочилиб, майдаланган шиша синиқларидек тўқсон тўққиз томиримга санчиларди. Энди ўйласам, бу синов ўйлари экан. Энди ўйласам, Сенга бўлган ишқимнинг имтиҳони экан. Менинг меҳрим, Сенинг меҳринг бунчалик қудратли бўлмоғи мумкинми? Йўқ, дедим, менга Аллоҳ ўз меҳрини Сенинг қиёфангда менга тақдим этди. Уни кўрмай ўтиб кетмоғим менинг ҳаётимда йўл қўйган энг даҳшатли хатоим бўлмайдими? Тунги ибодатларимда илгари фақат ўзимни ўйлаб, гуноҳларимга афв тилардим, энди эса фақат Сен учун дуолар қилардим. Шундай ибодатларнинг биридан сўнг “Хамса”ни қўлга олдим. Тонг ёришиб келарди. Руҳимда ажиб енгиллик рўй бериб, руҳимда тонгги шабада эркаликларини ҳис этиб, исталган саҳифани очиб кўз ташладим:

Ишқ сенсен доғию ошиқсен,
Яна маъшуқлуққа лойиқсен.

Энди ўз ҳолатимни тасвирлашга мутлақо қодир эмас эдим. Ҳушимдан кетдим десам, менинг ҳолатим олдида ҳушдан кетиш умрбод бедор юришдек эди. Бедорман десам, қошимда бедорлик мангу уйқуга кетгандек эди.
Энди дунё менга не керак! Атом электр станциялари, компьютер технологиялари, интернет, глобаллашув, тузалмас касалликлар, миграция, сиёсий ўйинлар, мансаб ва лавозимлар, инсониятни ташвишга солаётган минглаб муаммоларни кўриб, бутун одамзод нимага қул бўлиб қолганлигидан бўғзимни нимадир куйдириб ўтди.
Бахт ҳақида кўп ўқиб, кўп эшитганман. Лекин уни ҳис этмаганимни ўшанда сездим. Бахт қўлимда жуда нозик, дилдираб турган лолақизғалоқнинг ўзгинаси. Агар сал кафтим тегса, нобуд бўладиган тарзи бор. Шу бахтни мен айни лаҳзаларда бутун оламим, яратилганлигим қудрати билан туймоқдаман.
Илгари шўх ва фалсафий қўшиқларни тинглашни хуш кўрардим. Ҳозир эса ишқ ҳақида куйланган сокин тароналарни тинглагим келади. Форс хонандаси Муиннинг “Лаҳзаҳоро бо ту будан...” деб бошлангувчи қўшиғини кунига, билмадим, неча марта тинглайман, лекин оҳанглар қатидаги ҳиссиётлар қалбимдагилари билан ҳамоҳанглик ҳосил қилаётганлигидан ҳайратланаман.
Қимматлигим, борингга шукурлар! Сени менга учратган Аллоҳимга ҳамд!

Мактуб сўнгига имзо чекяпман, Сенинг номинг билан. Менга сендан келган СЕН. 

©Акром Малик            

No comments:

Post a Comment