Сабрнинг
сасидан совғангни олдим,
Офтобча
келади бир табассуминг.
Яна
даргоҳингга дарёда келдим,
Ашким
жилвасида нур тажассуминг.
“Аслида, бу
мактубни ёзишимдан мутлақо маъни йўқ. Чунки мен бу сўзларим битилган қоғозни
ёзиб бўлгач, ўтда куйдириб ташлайман. Нима учундир, Сизни қўмсаш мени
куйдирса-да, айтолмаётган изҳорларим юрак-бағримни ўртаб юборса-да, Сизнинг
дийдорингиз ишқида ҳуд-беҳуд бўлсам-да, кўзимни юмдим дегунча, Сизни кўрсам-да,
мактубим Сизнинг қўлингизга тушишини истамайман. Уларни ўқиб, Сиз, эҳтимол,
ўзингизни бахтиёр ҳисобларсиз. Сизни бахтиёр кўриш – менга ҳаддан ортиқ
бахтиёрлик бахшида этади. Лекин мени севиб қийналиш бахти мендан изҳорлар қабул
қилишдан кўра узоқроқ ва мумтозроқ ҳиссиётларни бера олади деб ўйлайман. Шунинг
учун менинг Сизга айтмаган жумлаларим Дилимдаги мактублар бўлиб қолаверади... Мени
кечиринг...
Кеча Дийдор
боғига бордим. Кишнинг сўнгги кунлари, кўклам нафаси аллалаб, эркалаб турибди
экан. Бармоқ ёзишга шайланган дарахтлар аро жуда узоқ сайр қилдик. Ерларда қор
бор. Тупроқ орасидан бош кўтарган майсалар лашкари кўзга ташланади. Биз
суҳбатлашардик, суҳбат суҳбатга уланар, сўз сўзни чақирар эди. Биз осмондаги
офтоб, тундаги юлдуз, денгиздаги тўлқинлар шиддатигача бўлган мавзуларда
гаплашардик.
Сизнинг кўзларингиздан
тошиб турган меҳр, покиза ҳаёдан ҳамиша ҳайрат денгизига ғарқ бўлишимни, Сизни
ўзимдан кўра минг карра устун севишимни биласизми?
Сиз билан тезда
хайрлашдик. Аслида тезда эмас. Лекин биз учун вақтнинг ўтиб кетгани,
лаҳзаларнинг бирин-кетин жон бергани сезилмабди. Сиз мени кузатиб қолдингиз,
аста узоқлашарканман, ортимдан термилиб турган нигоҳларингизни бутун руҳим
билан ҳис этардим. Шартта қошингизга боргим, шу нигоҳларингиз дарёсига чўкиб
кетгим, оловдай ёнаётган кўксингиздаги юрак бўлиб қолгим келди. Ичимда ғалаён
кўтарган соғинч туйғуларини куч билан енгиб, илдамладим...
Кечалари бир
лаҳза хаёлим эшигини чертиб келсангиз, мени тун давомида уйқу тарк этишини
биласизми? Мен учун энг севимли, энг ёқимли иш нима эканлигидан хабардормисиз?
Бу – Сиз ҳақингизда, Сизнинг сифатларингиз, яхши фазилатларингиз ҳақида
тинимсиз хаёл суришдир. Мен учун ҳар қандай уйқудан Сиз ҳақингизда ўйлаш
афзалроқ...”
©Акром Малик

No comments:
Post a Comment