Муаллифдан кириш сўз
Даставвал озгина мавҳум туюлиши мумкин бу жумлалар. Лекин, муҳтарам китобхон, Сизга юксак эҳтиром билан шуни маълум қиламанки, ёзганларим хаёлимга келган ўй-фикрларнинг бетартиб ифодаси эмас. Ушбу қиссага рамзийлик чегарасидан туриб муносабат билдириш қулайроқ, деб ўйлайман. Изҳорлар, мактуб шаклидаги суҳбатлар... Дарвоқе, мактублар... Маҳбубу маҳбубага тегишли ушбу мактубларининг ҳаммаси ҳам жўнатилмаган, ўз эгасига етиб бормаган – улардаги самимий фикрлар Дилда қолиб кетган. Шунинг учун ҳам қиссага Дилдаги мактублар деб ёндашиш мумкин. Чунки Дилимиздаги барча ҳиссиётларни ифодалаб, тил билан айтиб беролмаймиз-ку...
Анъанага номувофиқ равишда асардан ташқаридаги кириш сўзини айтар эканман, қисса учун иқтибос сифатида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги ушбу байтлар танлаб олинганлигини ҳам билдириб қўймоқчиман:
Чу маҳбуби ҳақиқий улдурур ул,
Анинг васли сори қатъ айламак йўл...
Ҳақиқий маҳбуб шундайки, у ўз ёри васли сари қатъий азм билан интилади – йўл олади.
Бу йўл ичраки беҳад дарду ғамдур,
Узоқ тортар, вале икки қадамдур.
Дарду ғамга тўла бу йўл аслида икки қадамдан иборат.
Ким ул икки қадамнинг қатъи минг йил,
Киши урса қадам мумкин эмас бил.
Бу икки қадамнинг ҳар бири минг йилдир. Бу йўлга шунчаки қадам уриш мумкин эмас.
Бири ўзлукни қилмоқ бўлди фоний,
Яна бир доғи топмоқ бўлди они
Биринчи қадам – ўзликдан кечишдир. Иккинчиси эса ўзликни топишдир. (Яъни ўз “мен”ингдан воз кечиб, ёрнинг ўзлигини топиш)
Бу ўзлукдин қутулмоқ чорасози,
Нима йўқ, ўйлаким ишқи мажозий...
Ўзликдан кечишнинг чораси – мажозий ишқдир, яъни инсонни севишдир...
Мажозий ишқ бўлди субҳи анвар,
Ҳақиқий ишқ анга хуршиди ховар.
Мажозий – инсонга бўлган ишқ субҳи анвар – тонг отишига, тонгнинг нурига ўхшайди, ҳақиқий – Аллоҳ ишқи эса тонг отгандан сўнг порлаб чиқадиган хуршиди ховар – қуёшдир.
Ўйлайманки, қиссани ўқишда буни ҳисобга олиш зарур. Ва ниҳоят менга ҳадсиз қувонч бағишлайдиган жумлани айтишим шарт: қисса мен учун энг бебаҳо бўлган Унга бағишланади.
.jpg)
No comments:
Post a Comment