Соғинч
соғинишим сиғмади дилга,
Нигоҳинг
кўтарди ҳайрат – маъвога.
Соғинчдан
эврилди жисм атиргулга,
Бўйларим
таралди арши аълога.
Сўзларим
сўзини қолди тополмай,
Тилимга
гул экди Сенинг Сенлигинг.
Қалбим
қадаҳида тўлғонади май,
Сенинг
борлигингдан менинг менлигим.
“Салом, азизам.
Мен касалман.
Балки ундай эмасдир. Лекин соғ эмаслигим аниқ. Бу шундай беморликки, ўзини
ҳаддан ташқари бахтли ҳис қилиш деб номланади. Шунақасини эшитганмисан? Кулмагин,
илтимос!
Менинг
тасаввурларим жуда кенгайиб кетмоқда. Ҳамма нарсани кўра оладиган бўлиб
қоляпман. Фақат девор ортини кўра оласанми, демагин, хўп? Чунки ҳамма деворлар
одамларнинг гуноҳларини яширишга хизмат қилади, демак, девор ортини кўришдан нима
наф? У ерда фақат бемаза ва ўта тутуриқсиз нарсалар мавжуд. Мен кўра оладиган
нарса – ўз Дилимдаги туйғулар мавжидир.
Дилим дарёга,
йўқ, денгизга, денгизга ҳам эмас, уммонга ўхшайди. Жуда чуқур, чеку чегараси
йўқ. Бир хил оҳангда, сокин кайфиятда ҳаракатланиб, тўлқинланиб... ётади. Шу
пайт дегин, бирдан шамол турди. Йўқ, тўфон турди дейлик. Гув-гув! Яна гув-гув!
Ҳаммаёқ остину-устун! Даҳшат! Тўлқинлар ҳайқиради, ўзини у ёқдан бу ёққа отади.
Ярадор тулпор ёхуд йўлбарсдек тинчлана олмайди. Қараган инсоннинг ваҳми келади.
Ҳув!
Лекин менинг
уммонимда шундай тўлқин кўтарилса ҳам, фалак кўм-кўк. Мовий гиламдаги қиролдек
Қуёш жилмайиб, уммондаги тўлқинларни томоша қилиб кўнгил ёзади. Кўнглини,
лекин, билмайман, қаерга ёзаркин?
Мана шу уммон
менинг Дилим. Унинг мавжи, тўлқини – Сенинг соғинчинг. Уни уйғотган тўфон –
Сени ўйламоқ. Фалак – тақдир. Қуёш – Сенсан. Энди менинг Дилим розларини
англаяпсанми, Қимматлигим?
Куним ҳам Сен,
Туним ҳам Сен!
Тонгим ҳам Сен,
Шомим ҳам Сен!
Ҳаётимда ҳар лаҳзаю
Ҳар нафасим – оним ҳам сен!
Эзгулигим – хайримдурсан,
Ҳақ васлига сайримдурсан!
Ёмонликлар – менда фақат,
Сенда бари нур – муҳаббат.
Шафағим Сен – Қуёш кулган,
Дилимдагин ўзимдан ҳам
Яхши билган!
Безаволим Сен,
Сен, камолим Сен!
Мен йўқдурман, мен абас,
Ҳаққа боқар жамолим Сен!
Биласанми, бутун
оламнинг исми Сендан иборат бўлиб қолди. Сенга соғинганлигимни, Сени кўргим
келаётганлигини айтмасам, Дилимдаги уммон тўфонида хасдек чирпирак бўлиб кетсам
керак. Дийдорингга интиқман, Сени ҳамиша кўришганимиз – Дийдор боғида, ўзимиз
ном қўйган Бирлашув ўриндиғида, ҳар доимги вақтда кутаман.
Биласан-ку, Сени
таниганимдан буён менни – ўзимни йўқотиб бўлганман. Чунки мен ўрнида Сен пайдо
бўлгансан, Қимматлигим. Шунинг учун мактубим охирига имзо чекяпман:
Телбаларча талпиниб Сенинг СЕНинг”.

No comments:
Post a Comment