Wednesday, 21 January 2015

ABOUT CHANGING WORLD

It is very interesting... There are many events no one can explain why it is...

People do not know why they live...
People may forget mystery of life...
Time is running at the moment...
I am listening to his step's whisper...
And You?
We do not see what do not like us...
We do not speak who hate us...
Why we are getting far and far...
Who are we?
who are we?
what are we doing?
akrom malik

Friday, 13 June 2014

Маҳбубнинг мактуби (Жўнатилган)


Ўзимни ўлдириб, сенинг-ла қолдим,
Ўзимдан жилмайиб воз кечдим шодон.
Исминг кафтларига ўзимни солдим,
Лекин саҳро кўксим безатди ҳижрон...

“Дийдор боғидаги дийдордан сўнг менинг бахтиёрлигим даражасини қайси ўлчов ўз ичига олишга қодир экан? Сени кўрдиму, руҳим шу қадар енгил тортди. Хаёлимдаги барча қораликлар изсиз ювилиб кетгандек бўлди. Йўқ, ювилиб кетгандек эмас, мутлақо ювилиб кетди қораликлар.
Мен намозларимда нима сўрашимни билармидинг, қимматлигим? Мен ибодатларимда Аллоҳнинг муҳаббатини сўрардим. Қалбим доимо изтироблар оғушида юрарди. Одамлар... Эҳ, одамлар! Ўзлари ҳис этмаган туйғулар ҳақида сўзлашни бирам яхши кўрадиларки! Улар ўзганинг кўнгли билан ҳисоблашмайдилар. Мен ҳам шундай бир қаватда эдим. Лекин бундай қолиб кетишга менда мутлақо розилик йўқ эди. Ҳазрат Навоийни ўқишни севаман. “Хамса”ни ўқиб ҳайратланаман. Аллоҳга хаёлан дердим: Эй, оламларни яратган зот! Сен нега инсонни дўзахга солиб жазолайсан? Тақдир ҳам Сеники, гуноҳ ҳам Сеники, гуноҳ қилмоқ ҳам Сенинг иродангдандир! Энди кимни гуноҳкор, кимни савобдор демоқ қандай ҳол! Астағфируллоҳ! Шу ҳолатда Алишер Навоий “Хамса”син очсам шундай байт чиқди:

Ва гар ул лавҳ уза бўлса муҳаррар,
  Азал тақсимидин бўлди муқаррар.
  Не дерсен бас бу жамъи бенавоға,
  Гуноҳе қилмайин қолғон балоға?
Жунундин сўзга бир дам бўлмай огоҳ,
  Гар ортуқ сўз дедим, астағфируллоҳ.
Илоҳи, боқмағил мажнунлиғимға,
Карамдин чора қил маҳзунлиғимға.

Оҳ тортиб юбордим. Бошимни саждага қўйдим. Ичимдан Аллоҳ деган фарёд отилиб келарди. Мени кечир, дердим. Кўзларимдан оқаётган ёшларни киприкларим ушлаб қолишга қодир эмасдилар. Яна “Хамса”ни очдим:

Бу даргоҳда ҳар ким гуноҳкорроқ,
Иноят қилурға сазоворроқ!

Шу он ҳушимдан айрилдим. Ҳушимга келиб, таҳорат олиб, намоз адо этдим. Қўлимни дуога очдим: “Аллоҳим, Сен Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида ўз жамолингдан жилва намоён қилдинг. Мен пайғамбар эмасман, Сенинг ғарибдан ғариб қулингман. Менинг бор йўқлигим ўзим учун аҳамият касб этмайди, Меҳрибоним. Лекин Сен учун менинг борлигим – Сенинг меҳринг нишонаси эмасми, Аллоҳим? Қачон ўз муҳаббатингдан жилва намоён этасан, Оламларнинг Меҳрибон Роббиси?”
Шундай кунларда Сенга рўбарў келдим. Ақлу ҳушим энди ўзидан кетди. Ақлу ҳушим энди  ўзимдан кетди. Фақат Сен... фақат Сен!
Онгим хаёлларнинг жанг майдонига ўхшаб қолди. Аллоҳга бўлган итоатим ўрнини бандага бўлган муҳаббат эгаллаб кетди, деган акс-садолар бутун вужудим бўйлаб сочилиб, майдаланган шиша синиқларидек тўқсон тўққиз томиримга санчиларди. Энди ўйласам, бу синов ўйлари экан. Энди ўйласам, Сенга бўлган ишқимнинг имтиҳони экан. Менинг меҳрим, Сенинг меҳринг бунчалик қудратли бўлмоғи мумкинми? Йўқ, дедим, менга Аллоҳ ўз меҳрини Сенинг қиёфангда менга тақдим этди. Уни кўрмай ўтиб кетмоғим менинг ҳаётимда йўл қўйган энг даҳшатли хатоим бўлмайдими? Тунги ибодатларимда илгари фақат ўзимни ўйлаб, гуноҳларимга афв тилардим, энди эса фақат Сен учун дуолар қилардим. Шундай ибодатларнинг биридан сўнг “Хамса”ни қўлга олдим. Тонг ёришиб келарди. Руҳимда ажиб енгиллик рўй бериб, руҳимда тонгги шабада эркаликларини ҳис этиб, исталган саҳифани очиб кўз ташладим:

Ишқ сенсен доғию ошиқсен,
Яна маъшуқлуққа лойиқсен.

Энди ўз ҳолатимни тасвирлашга мутлақо қодир эмас эдим. Ҳушимдан кетдим десам, менинг ҳолатим олдида ҳушдан кетиш умрбод бедор юришдек эди. Бедорман десам, қошимда бедорлик мангу уйқуга кетгандек эди.
Энди дунё менга не керак! Атом электр станциялари, компьютер технологиялари, интернет, глобаллашув, тузалмас касалликлар, миграция, сиёсий ўйинлар, мансаб ва лавозимлар, инсониятни ташвишга солаётган минглаб муаммоларни кўриб, бутун одамзод нимага қул бўлиб қолганлигидан бўғзимни нимадир куйдириб ўтди.
Бахт ҳақида кўп ўқиб, кўп эшитганман. Лекин уни ҳис этмаганимни ўшанда сездим. Бахт қўлимда жуда нозик, дилдираб турган лолақизғалоқнинг ўзгинаси. Агар сал кафтим тегса, нобуд бўладиган тарзи бор. Шу бахтни мен айни лаҳзаларда бутун оламим, яратилганлигим қудрати билан туймоқдаман.
Илгари шўх ва фалсафий қўшиқларни тинглашни хуш кўрардим. Ҳозир эса ишқ ҳақида куйланган сокин тароналарни тинглагим келади. Форс хонандаси Муиннинг “Лаҳзаҳоро бо ту будан...” деб бошлангувчи қўшиғини кунига, билмадим, неча марта тинглайман, лекин оҳанглар қатидаги ҳиссиётлар қалбимдагилари билан ҳамоҳанглик ҳосил қилаётганлигидан ҳайратланаман.
Қимматлигим, борингга шукурлар! Сени менга учратган Аллоҳимга ҳамд!

Мактуб сўнгига имзо чекяпман, Сенинг номинг билан. Менга сендан келган СЕН. 

©Акром Малик            

Маҳбубанинг мактуби (Жўнатилмаган)



Сабрнинг сасидан совғангни олдим,
Офтобча келади бир табассуминг.
Яна даргоҳингга дарёда келдим,
Ашким жилвасида нур тажассуминг.

“Аслида, бу мактубни ёзишимдан мутлақо маъни йўқ. Чунки мен бу сўзларим битилган қоғозни ёзиб бўлгач, ўтда куйдириб ташлайман. Нима учундир, Сизни қўмсаш мени куйдирса-да, айтолмаётган изҳорларим юрак-бағримни ўртаб юборса-да, Сизнинг дийдорингиз ишқида ҳуд-беҳуд бўлсам-да, кўзимни юмдим дегунча, Сизни кўрсам-да, мактубим Сизнинг қўлингизга тушишини истамайман. Уларни ўқиб, Сиз, эҳтимол, ўзингизни бахтиёр ҳисобларсиз. Сизни бахтиёр кўриш – менга ҳаддан ортиқ бахтиёрлик бахшида этади. Лекин мени севиб қийналиш бахти мендан изҳорлар қабул қилишдан кўра узоқроқ ва мумтозроқ ҳиссиётларни бера олади деб ўйлайман. Шунинг учун менинг Сизга айтмаган жумлаларим Дилимдаги мактублар бўлиб қолаверади... Мени кечиринг...
Кеча Дийдор боғига бордим. Кишнинг сўнгги кунлари, кўклам нафаси аллалаб, эркалаб турибди экан. Бармоқ ёзишга шайланган дарахтлар аро жуда узоқ сайр қилдик. Ерларда қор бор. Тупроқ орасидан бош кўтарган майсалар лашкари кўзга ташланади. Биз суҳбатлашардик, суҳбат суҳбатга уланар, сўз сўзни чақирар эди. Биз осмондаги офтоб, тундаги юлдуз, денгиздаги тўлқинлар шиддатигача бўлган мавзуларда гаплашардик.
Сизнинг кўзларингиздан тошиб турган меҳр, покиза ҳаёдан ҳамиша ҳайрат денгизига ғарқ бўлишимни, Сизни ўзимдан кўра минг карра устун севишимни биласизми?
Сиз билан тезда хайрлашдик. Аслида тезда эмас. Лекин биз учун вақтнинг ўтиб кетгани, лаҳзаларнинг бирин-кетин жон бергани сезилмабди. Сиз мени кузатиб қолдингиз, аста узоқлашарканман, ортимдан термилиб турган нигоҳларингизни бутун руҳим билан ҳис этардим. Шартта қошингизга боргим, шу нигоҳларингиз дарёсига чўкиб кетгим, оловдай ёнаётган кўксингиздаги юрак бўлиб қолгим келди. Ичимда ғалаён кўтарган соғинч туйғуларини куч билан енгиб, илдамладим...

Кечалари бир лаҳза хаёлим эшигини чертиб келсангиз, мени тун давомида уйқу тарк этишини биласизми? Мен учун энг севимли, энг ёқимли иш нима эканлигидан хабардормисиз? Бу – Сиз ҳақингизда, Сизнинг сифатларингиз, яхши фазилатларингиз ҳақида тинимсиз хаёл суришдир. Мен учун ҳар қандай уйқудан Сиз ҳақингизда ўйлаш афзалроқ...”


©Акром Малик

Tuesday, 10 June 2014

СЕН ва МЕН (Дилдаги мактублар қиссаси)

Муаллифдан кириш сўз

Даставвал озгина мавҳум туюлиши мумкин бу жумлалар. Лекин, муҳтарам китобхон, Сизга юксак эҳтиром билан шуни маълум қиламанки, ёзганларим хаёлимга келган ўй-фикрларнинг бетартиб ифодаси эмас. Ушбу қиссага рамзийлик чегарасидан туриб муносабат билдириш қулайроқ, деб ўйлайман. Изҳорлар, мактуб шаклидаги суҳбатлар... Дарвоқе, мактублар... Маҳбубу маҳбубага тегишли ушбу мактубларининг ҳаммаси ҳам жўнатилмаган, ўз эгасига етиб бормаган – улардаги самимий фикрлар Дилда қолиб кетган. Шунинг учун ҳам қиссага Дилдаги мактублар деб ёндашиш мумкин. Чунки Дилимиздаги барча ҳиссиётларни ифодалаб, тил билан айтиб беролмаймиз-ку...
Анъанага номувофиқ равишда асардан ташқаридаги кириш сўзини айтар эканман, қисса учун иқтибос сифатида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги ушбу байтлар танлаб олинганлигини ҳам билдириб қўймоқчиман:
Чу маҳбуби ҳақиқий улдурур ул,
           Анинг васли сори қатъ айламак йўл...
           Ҳақиқий маҳбуб шундайки, у ўз ёри васли сари қатъий азм билан интилади – йўл олади.

Бу йўл ичраки беҳад дарду ғамдур,
           Узоқ тортар, вале икки қадамдур.
Дарду ғамга тўла бу йўл аслида икки қадамдан иборат.
           Ким ул икки қадамнинг қатъи минг йил,
           Киши урса қадам мумкин эмас бил.
           Бу икки қадамнинг ҳар бири минг йилдир. Бу йўлга шунчаки қадам уриш мумкин эмас.
Бири ўзлукни қилмоқ бўлди фоний,
           Яна бир доғи топмоқ бўлди они
         Биринчи қадам – ўзликдан кечишдир. Иккинчиси эса ўзликни топишдир. (Яъни ўз “мен”ингдан воз кечиб, ёрнинг ўзлигини топиш)
Бу ўзлукдин қутулмоқ чорасози,
           Нима йўқ, ўйлаким ишқи мажозий...
           Ўзликдан кечишнинг чораси – мажозий ишқдир, яъни инсонни севишдир...
           Мажозий ишқ бўлди субҳи анвар,
           Ҳақиқий ишқ анга хуршиди ховар.
Мажозий – инсонга бўлган ишқ субҳи анвар – тонг отишига, тонгнинг нурига ўхшайди, ҳақиқий – Аллоҳ ишқи эса тонг отгандан сўнг порлаб чиқадиган  хуршиди ховар – қуёшдир.


Ўйлайманки, қиссани ўқишда буни ҳисобга олиш зарур. Ва ниҳоят менга ҳадсиз қувонч бағишлайдиган жумлани айтишим шарт: қисса мен учун энг бебаҳо бўлган Унга бағишланади.

Маҳбубнинг мактуби (Жўнатилган)



Соғинч соғинишим сиғмади дилга,
Нигоҳинг кўтарди ҳайрат – маъвога.
Соғинчдан эврилди жисм атиргулга,
Бўйларим таралди арши аълога.

Сўзларим сўзини қолди тополмай,
Тилимга гул экди Сенинг Сенлигинг.
Қалбим қадаҳида тўлғонади май,
Сенинг борлигингдан менинг менлигим.

“Салом, азизам.
Мен касалман. Балки ундай эмасдир. Лекин соғ эмаслигим аниқ. Бу шундай беморликки, ўзини ҳаддан ташқари бахтли ҳис қилиш деб номланади. Шунақасини эшитганмисан? Кулмагин, илтимос!
Менинг тасаввурларим жуда кенгайиб кетмоқда. Ҳамма нарсани кўра оладиган бўлиб қоляпман. Фақат девор ортини кўра оласанми, демагин, хўп? Чунки ҳамма деворлар одамларнинг гуноҳларини яширишга хизмат қилади, демак, девор ортини кўришдан нима наф? У ерда фақат бемаза ва ўта тутуриқсиз нарсалар мавжуд. Мен кўра оладиган нарса – ўз Дилимдаги туйғулар мавжидир.
Дилим дарёга, йўқ, денгизга, денгизга ҳам эмас, уммонга ўхшайди. Жуда чуқур, чеку чегараси йўқ. Бир хил оҳангда, сокин кайфиятда ҳаракатланиб, тўлқинланиб... ётади. Шу пайт дегин, бирдан шамол турди. Йўқ, тўфон турди дейлик. Гув-гув! Яна гув-гув! Ҳаммаёқ остину-устун! Даҳшат! Тўлқинлар ҳайқиради, ўзини у ёқдан бу ёққа отади. Ярадор тулпор ёхуд йўлбарсдек тинчлана олмайди. Қараган инсоннинг ваҳми келади. Ҳув!
Лекин менинг уммонимда шундай тўлқин кўтарилса ҳам, фалак кўм-кўк. Мовий гиламдаги қиролдек Қуёш жилмайиб, уммондаги тўлқинларни томоша қилиб кўнгил ёзади. Кўнглини, лекин, билмайман, қаерга ёзаркин?
Мана шу уммон менинг Дилим. Унинг мавжи, тўлқини – Сенинг соғинчинг. Уни уйғотган тўфон – Сени ўйламоқ. Фалак – тақдир. Қуёш – Сенсан. Энди менинг Дилим розларини англаяпсанми, Қимматлигим?

Куним ҳам Сен,
Туним ҳам Сен!
Тонгим ҳам Сен,
Шомим ҳам Сен!
Ҳаётимда ҳар лаҳзаю
Ҳар нафасим – оним ҳам сен!

Эзгулигим – хайримдурсан,
Ҳақ васлига сайримдурсан!

Ёмонликлар – менда фақат,
Сенда бари нур – муҳаббат.

Шафағим Сен – Қуёш кулган,
Дилимдагин ўзимдан ҳам
Яхши билган!

Безаволим Сен,
Сен, камолим Сен!
Мен йўқдурман, мен абас,
Ҳаққа боқар жамолим Сен!

Биласанми, бутун оламнинг исми Сендан иборат бўлиб қолди. Сенга соғинганлигимни, Сени кўргим келаётганлигини айтмасам, Дилимдаги уммон тўфонида хасдек чирпирак бўлиб кетсам керак. Дийдорингга интиқман, Сени ҳамиша кўришганимиз – Дийдор боғида, ўзимиз ном қўйган Бирлашув ўриндиғида, ҳар доимги вақтда кутаман.
Биласан-ку, Сени таниганимдан буён менни – ўзимни йўқотиб бўлганман. Чунки мен ўрнида Сен пайдо бўлгансан, Қимматлигим. Шунинг учун мактубим охирига имзо чекяпман:

Телбаларча талпиниб  Сенинг СЕНинг”. 

ТАФАККУРНИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?

Акром Малик



Ø Хомхаёллик – хасталик
Ø Иккиланиш исканжаси
Ø Қатъиятсизлик касали
Ø Танбалнинг тойишлари
Ø Мустақил фикрлаш ва мустақил шахс

Бир профессор устозимиз бор. Талабаларнинг севимли мураббийси, нафақат мураббий, балки дўстга ҳам айланиб кетган. У кишининг шу қадар севимли эканлигига бир неча сабаблар мавжуд. Масалан, устознинг ҳамиша ўзгача фикрлаши. У киши ҳар қандай масалага атрофдагилар қарамаётган томондан қарайди ва ҳеч ким кутмаган бирор оригинал гап айтади. Бу гапнинг фавқулодда қизиқлиги ва қисқалигидан ҳаммамиз ҳайратланамиз. Масалан, ушбу мақоланинг ёзилиши учун туртки бўлган бир фикр:
“Менга меҳнаткаш одамлар ёқмайди... – домламиз ним табассум билан гапиради, бу табассум моҳиятан киноями, ҳикматми, беғараз ҳазилми – бир қарасангиз ҳаммасига ўхшайди. – Чунки улар бир ишнинг пайига тушсалар, тиним билмай ишлайдилар, фикрлашга вақти бўлмайди. Дангаса одам эса қийин ишларни қандай қилиб осон ва тез, самарали битирсам экан, деб ўйлайди. Ҳамма кашфиётчилар даставвал дангаса бўлган. Эйнштейн ҳам шунинг учун жуда меҳнаткаш одамларни шогирдликка олавермаган экан. Мана, мен ҳам дангасаман...”
Албатта, бу жумлаларни жиддий қабул қилмаслик керак, унинг замирида биз эътибор қаратишимиз керак бўлган, лекин енгил ҳазил тўнига ўралиб олган доно хулоса бор: фикрлаш лозим! Яна бу ерда танбалликка тарғиб қилиняпти, деб юрманг-а! Ҳадиси шарифда ҳам: “Бир соатлик тафаккур бир йиллик ибодатдан афзал”, – дейилган экан. Бу ўринда тафаккур ва ибодатдан қайси бири афзал, деган баҳс кетмаяпти, балки тафаккур қилишнинг фазилати ҳақида гап бормоқда.
Бир мақолада ўқигандимки, машҳур Билл Гейтс болалигида кўпроқ фикрлаш билан банд бўлган экан. Онаси нима қиляпсан, деб сўраса, ўйлаяпман, деб жавоб берар экан. Бугун бутун дунё ана шу ўйловларнинг ҳосиласини кўриб турибди.
Фикрлашнинг икки хавфли чегараси бор. Ана ўша икки хавфли чегаранинг ўртасидаги мувозанатни, меъёрни топиш чинакам қобилият ҳисобланади. Хўш, тафаккурнинг икки хавфли чегараси нима деб номланади?

Хомхаёллик – хасталик
Биринчи чегара – хомхаёлликдир. Яъни, амалга ошириш мумкин бўлмаган ишларни ўйлаш айни хомхаёллик хасталиги ҳисобланади. Агар сиз ниманидир амалга ошириш ҳақида режа тузаётган экансиз, қуйидаги томонларга диққат қаратиш мақсадга мувофиқ:
1.     Ҳолат. Режангизни амалга ошириш учун мос ҳолат мавжудми?
2.     Жой. Режангизни шу ерда амалга ошира оласизми?
3.     Одамлар. Сизни қўллаб қувватлайдиган, Сизни тушуна оладиган яқин одамларингиз борми?
Мана шу 3 саволга “Ҳа”, деган жавоб топа олсангиз, демак, сиз хомхаёл эмассиз.

Иккиланиш исканжаси
Ҳаётда 99 фоиз одам иккиланиш исканжасида яшайди. Биз кўпчиликка оддий туюлган овқат тайёрлаш, кийинишдан бошлаб миқёси йирик бўлган масалаларни ҳал қилишда ҳам иккиланишларга дуч келамиз.
Жуда кўп ақлли одамларни биламан. Исталган мавзуда фикрлаша олади, жўяли таклиф ва маслаҳатлар беради, уларнинг дунёқараши, билимига тан бермасдан иложингиз йўқ. Аммо... ўзларининг ҳаётида бу доно фикрларнинг бирортаси амалга ошмайди. Чунки улар бундай ақлли фикрлари ҳаддан ташқари кўп бўлганлиги сабабли қайси бирини танлашни билмай, иккиланиб, асосий вақтни бой бериб қўядилар.
Шу ўринда бир қизиқ фактга эътибор қаратсак. Мен билган ақлли, аммо иккиланувчан одамларнинг аксарияти балиқ, эгизак ёки мезон буржи вакиллари бўлиб чиққан. Шундай танишларим билан суҳбатлашсам, уларга: “Қанчалик доно фикрларинг бор, аммо қарор етишмаяпти”, – дейман доимо. Бу мазкур буржда туғилганлар ёппасига мана шундай, уларни бу камчиликдан қутқариб бўлмайди, дегани эмас, балки тарбия билан қатъиятга эришса бўлади, демоқчиман.

Қатъиятсизлик касали
Иккиланишнинг шериги – қатъиятсизликдир. Одатда, ҳафтанинг бошида ёки ҳар куни тонгда режа тузасиз, аммо бу режани амалга ошира олмайсиз. Шундай ҳолатлар Сизда кузатилиб турадими? Бу айни қаъиятсизликдир. Мана шу фазилат етишмаганлиги учун ҳам кўплаб ишлар охирига етмай қолади.
Инглиз тилидан дарс берадиган устозим ҳар бир ўрганувчига ҳар куни ўнта инглизча сўзни луғат дафтарга ёзиб ёд олишни шарт қилиб қўяди. Бир қараганда осон – жуда кам эмасми? Аммо орадан ўн кун ўтиб, бу шартнинг тўлиқ адо этилмаганлигига гувоҳ бўласиз. Бунинг бош сабаби – қатъиятсизликдир.
Бу касалликни даволаш учун ич-ичингиздан келаётган дангасаликни, танбалликни енгишингиз талаб этилади.

Танбалнинг тойишлари
Ҳадиси шарифларда мусулмон одамнинг энг катта камчиликларидан бири – танбаллик, деб айтилган экан. Танбал ўзи масъул бўлган ишни ортга суришни яхши кўради. Танбал ортга сурилган ишни қўл учида, мендан кетгунча – эгасига етгунча, деб бажаради. Ишларининг усти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлади.
Танбаллик киши табиатига ўрнашиб олса, унинг кетиши жуда қийин. Танбалнинг бир икки бўлмайди, косаси оқармайди, кучукнинг орқа оёғи бўлиб юраверади. Мен билган омадсиз кишиларнинг ҳаммаси танбал. Ғайратли одамнинг зориқиб қолганлигин кўрганим йўқ. Танбалликнинг бош белгиси – нолишдир. Агар ким кўп нолиса, унинг танбал эканлигига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади.
Ғайрат кўп нарсани ўзгартиради. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг ўта ғайратли одам бўлганлигин биламиз. Ёки бобомиз Амир Темур бугунги ишни ҳеч қачон эртага қолдирмаган. Ёки Алишер Навоий бош вазир бўлиб турган вақтида “Хамса” достонини ёзиб тугаллаган. Агар у киши давлат ишларини рўкач қилганда ҳам, ҳеч ким айблай олмас эди. Демак, вақтнинг ва ҳаракатнинг баракаси – ғайратли бўлиб, танбаллик устидан ғолиб келишда экан.

Мустақил фикрлаш ва мустақил шахс
Каминанинг мулоҳазалари асосида тенгдошларимни кузатиш ётибди. Чунки менинг ёшимда – 20 – 24 ёш оралиғида катта ҳаёт остонасида, асосий умр йўли бошланаётган паллада мустақил фикрлаш, хом хаёлларга ўралашиб қолмаслик, қатъият ва ғайрат соҳиби сифатида янги-янги мақсадларга қадам қўйиш жуда катта, ҳатто тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада муҳим аҳамият касб этар экан.
Илгари менинг мустақил фикрлаш ва мустақил шахс ҳақида турли таърифларим бўлиб, бу ҳақда гап бошласам, узоқ сўзлар эдим. Аммо устоз профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг маърузасида қуйидаги жумлани эшитгач, мана шу қарашларим бирдан “ярқ” этиб ёришиб кетди: “Мустақил одамни қамоққа қирқ йил солиб қўйсанг ҳам, уни қул қила олмайсан. Аммо тийнати қул бўлган одамни қирқ йил қирол қилиб қўйсанг ҳам, қуллигидан қутқара олмайсан”.
Демак, мустақил одамнинг характерида чинакам эрк туйғуси бўлар экан. У эрк туйғуси мавжудлиги боис мустақил фикрлаб, ҳар қандай ҳолатни, вазиятни холис баҳолай олар экан. У шу туфайли ҳам, ўзлигини, ўз руҳиятини теран таҳлил қилиб, ўзида комиллик фазилатларни шакллантира олар экан.
Мустақил фикрлаш замирида, менимча, ўзгаларнинг тўғри фикрини ҳурмат қилиш ва ўз ўрнида уларни қабул қилиш, иккиланишсиз қатъий ечимлар топиш ва амалга ошириш каби фазилатлар мужассам бўлади.
Улғайиш жараёнида мана шу даражаларга эриша борсак, ўзимизга ҳам, бошқаларга ҳам яхши нафимиз тегади, деб ўйлайман.

Айтмоқчи бўлганларим, ҳозирча, шулардан иборат эди.